Тошкент шаҳар онкология диспансерида 17.03.2017й. куни Навруз байрами муносабати билан ўтказилган тадбир.

Кафедра мудири ва ТошШОД бош шифокори сўзга чиқиб, йиғилиш қатнашчиларини баҳор, янгиланиш ва яшариш рамзи — Наврўз байрами билан муборакбод этиб Наврўз таърихи, бугунги кунда юртмизда Наврўз байрамини нишонлашга берилаётган эътибор ҳақида маълумот берди.

Наврўз бирон бир санани нишонлаш учунгина байрам қилинадиган ҳодиса ҳисобланмайди. У табиатнинг ўзидан келиб чиққан, куни тун тенглашгандан сўнг, энди кунларнин узайиши, узлуксиз меҳнат арафасидаги байрамдир.
Узоқ қишдан сўнг кўкда қуёшнинг юз кўрсатиши, қирда майса-гиёҳларнинг ниш уриб чиқиши халқимиз учун ҳақиқий шодиёнага айланган. Нега деганда, ўтган йилги йиғилган ғалла ҳам, озиқ-овқатлар ҳам соб бўлай деган, иликузди пайтларда яна Она Табиатнинг ўзи меҳр-мурувват кўрсатиб, ёруғ кунлардан дарак берган. Шу кунларгача эсо-омон этиб келишган қарияларнинг ҳам томирларида қайтадан ғайрат жўш урган. Нав-янги, рўз-кун: яъни янги кун деб аталиши ҳам бежиз эмас. Наврўз байрамини барча форс, араб, туркий тилларда сўзлашувчи халқлар ҳар йили баҳорда нишонлаб келишган. Бу қадимий, анъанавий Янги йил байрамимиз ҳақида улуғ боболаримиз Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида, Маҳмуд Қошғарий эса «Девону луғотит турк» асарида жуда ҳам қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирганлар. Умар Ҳайём олим, шоир, файласуф сифатида бу байрам ҳақида «Наврўзнома» номли махсус китоб ёзганлар. Навоийнинг устози-туркигуй шоирларнинг маликул калами-Лутфий домла «Гул ва Наврўз» ўлмас достонини яратганларки, бу асар ҳамон саҳналаримизни безаб, бизга Наврўз ҳақида аадбий-бадиий тушунча, маълумот беришда давом этиб келаётир.
Наврўз байрамида бизнинг кунларимизда ҳам бир муддат ҳужум уюштирилди. Аммо қадимий одатимиз бу галги қатағондан ҳам эсон-омон ўтиб олди. Мана, бугун яна биз ўзбеклар ҳам барча Шарқ халқлари сингари ўз миллий урф-одатимиз Наврўз-Янги йил байрамизни бор малоҳати, бўй-басти билан кўз-кўз қилиб ўтказаяпмиз. Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган пайти, баҳор фаслининг 21-22 март кунларидан бошлаб бир ҳафта, ўн кун давомида ўтказилган. Бу байрам, аввало, табиатнинг жонланиши, янгиланиши, янги йил билан юртимизга гўзал Баҳор фаслининг кириб келиб, келинчакдек ўз яшил сепини кенг ёйиши билан бошланган. Ота-боболаримиз, буви-момоларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимлар ўтказишган. Қадимда аждодларимиз Наврўз кунлари қиш манзиллари-қишлоқлардан ёзги меҳнат ва ҳордиқ масканлари-ёзлоқларга кўчиб ўтишган. Далаларда баҳорги экин-тикин ишлари бошланиб кетган. Деҳқонлар эрга қўш солишган. Жамоа-жамоа бўлб, ҳашар-оҳсарлар уюштирилган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган. Уларнинг мозорлари ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилган. Оммавий равишда мевали, манзарали дарахтлар ўтказилган.
Далаларда Наврўз-янги йил, янги ҳаёт қайнаган. Наврўз байрамига атаб аждодларимиз мазсус кийимлар тайёрлашган ва уларни кийиб байрам қилишган. Наврўз таомлари ўзига хос бўлган. Улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлашган анъанавий одат тусига кирган. Бу байрамда Сиз тенги болаларнинг иштироклари, айниқса, жуда фаол бўлган. Улар Наврўз байрами ҳафталигида турли оммавий байрам ўйинлари ўйнаганлар. От ўйин, чиллак, қўғирчоқ ўйин, тош, лапар, ип ўйинлари ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Болалар, ўсмирлар, ўспиринлар, бўй қизлар, айниқса, сумалак пишириш маросимида фаол иштирок этиш учун унга анча илгарироқ тайёргарлик кўришган. Буғдой донини махсус идишларда қулай иқлим шароити яратиб, сабза қилиб ундириб олишган. Сўнг уни кеча-кундузи билан катта дошқозонларда қайнатиб, сумалак тайёрлашган. Аёнки, туну кун тинмай дошқозон қайнайверса, анча-мунча ўтин чидамайди. Шунинг учун ҳар бир хонадон бир боғ, ярим боғдан, ишқилиб, ўтинга ҳам ўз улушларини қўшадилар. Бу арзимасдек кўринган ҳаракат остида жуда улкан маъно ётибди: халқнинг биргалашиб ҳаракат қилишга нону тузини, топган-тутганини бирга баҳам кўришга интилиш ётибди. Бу жараёнларда турли-туман халқ ўйинлари, баҳор қўшиқлари ижро этилган. Китобхонликлар, турли жисмоний тарбия совринли ўйинлар, мусобақаларташкил этилган. Кўпкари-улоқ, кураш, турли ҳайвон ва паррандалар «жанг» лари, хўроз, ит, қўчқор уриштириш, масхарабозлик, аскиябозлик, дор ўйинлари, халқ томошалари ўтказилган.

 

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.