02.04.2017 йил Онкология ва нур ташхиси кафедрасининг 2 курс магистратура талабаларининг Бухоро шахрининг «Бухоро арки» ёдгорлигига ташриф буюришди.
Бухоро Арки – Бухородаги қадимий шаҳарсозлик ёдгорлиги. Дастлаб мил.авв. 1 – асрда қурилган. Шаҳарнинг қадимий қалъаси. Араблар истилосига қадар аркда шаҳар ҳокимлари-бухорхудотлар яшаган. Сомонийлар даврида (IX-X асрлар) қайта қурилиб, девор ва буржлар билан мустаҳкамланган. Қорахонийлар даврида (XI-XII асрлар) ва мўғуллар босқинчилиги даврида (XIII аср) арк бир неча бор вайрон қилинган. Ҳозирги кўриниши асосан Шайбонийлар сулоласи даврида (XVI аср) шаклланган. Баландлиги 20 метрча бўлган тепалик устига қурилган аркнинг майдони 4 гектар, тарҳи кўпбурчакли. Кўтарилиб борувчи йўл орқали ғарбдаги улкан дарвозадан ичкарига кирилади. Дарвозахона пештоқининг икки ён томонидаги “гулдаста” ва улар оралиғидаги 3 қаватли бино яхши сақланган. Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан арк ичкарисидаги тахт жойлашган ҳовли таъмирланиб, ўз ҳолига келтирилган. Арк деворлари янгиланган. “Гўриён” дарвозаси қайта тикланиб ва бошқа ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Аркда Бухоро давлат меъморий – бадиий музей қўриқхонаси жойлашган.
Арк қалъаси юз йиллар давомида Бухоро ҳукмдорларининг расмий яшаш жойи бўлган. Одамлар кўпинча уни “шаҳар ичида шаҳар” деб аташган, чунки унда одатдаги шаҳарнинг ҳамма нарсалари: кўчалар, тор кўчалар, сарой, масжидлар, устахоналар бор бўлган. Қалъа бир неча бор вайрон қилинган, таъмирланган ва тикланган. Афсуски, ҳозирги пайтга келиб, ўтмишдаги ҳашаматли Аркдан озгинаси қолган. Кўплаб бинолар 1920 йилги истибдод воқеалари даврида бузилиб кетган. Лекин, шунга қарамасдан Арк бориб кўришга арзийди. Аркда жойлашган ўлкашунослик музейида сиз шаҳар тарихи, милий урф-одатлар ва анъаналар тўғрисида кўп қизиқарли нарсаларни эшитасиз. Бундан ташқари қалъанинг баланд деворлари устидан туриб сиз Бухоронинг чиройли қиёфасини томоша қилишингиз мумкин.