Тошкент шаҳар онкология диспансери мажлислар зали, 08.04.2017й. куни Амир Темур туғилган кунига бағишлаб мажлис ўтказилди.

 Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Мовароун¬наҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган, Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол сифатида инъом қилган эди.
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади.
1360-йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади.
Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга кедди. Соҳибкирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Закавказье мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда — Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди.
Темур фаолиятида муайян сиёсий йўл — майда феодал ҳукмронлигини тугатиш, муҳим халқаро карвон йўлларида устунлик қилиб турган Олтин Ўрда, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг рақобатини енгиб, Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш эди. Амир Темур авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунар-мандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди.
Амир Темурнинг ҳар бир ҳарбий юришига туртки бўларлик сабаб бор эди. Бу сабаблар — ўз давлатининг чегараларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш, карвон йўлларини турли йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқин, алдамчиларни жазолаш, бўйсунмаганларни итоат эттириш, ўзининг сиёсий таъсирини кенгайтириш кабилардан иборат бўлганлигини тарихий манбалардан билиб олиш мумкин. Масалан, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қар¬ши юришини олсак, Темур Тўхтамишхонга кўп илтифотлар, ёрдамлар кўрсатиб, 1379 йилда Урусхонни енгиб, Оқ Ўрда тахтига Тўхтамишхонни ўтқазган эди. Аммо Тўхтамишхон Амир Темурнинг умидларини пучга чиқарди.
У Мовароуннахрга бир неча бор талончилик ниятида бостириб кирганидан сўнг, Темурда ҳам унга қарши курашиш мажбурияти вужудга кедди ва 1395 йил 15 апрелда қундузчада Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасида ҳал қилувчи ҳаёт-мамот жанги бошланди. Жанг фақат Тўхтамишхоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяқолмай, балки бутун Олтин Ўрда тақдирини ҳам ҳал қилди.
Тарих Темур зиммасига Олтин Ўрдадек қудратли мўғул империясининг асосини емиришдек улкан вазифани қўйган экан, Соҳибқирон бу вазифани ҳам буюк жасорат билан адо этиб, Рус князликлари ва Шарқий Оврўпо халқларини мўғуллар асоратидан халос бўлишларига йўл очиб берди. Йирик рус олими А. Ю. Якубовский: «Темур¬нинг Тўхтамиш устидан қозонган бу ғалабаси нафақат Марказий Осиё ва Шарқий Оврўпо, балки Русия учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлди», деб ёзди.
Темур давлатни бошқаришга катта эътибор бериб, янги давлат тизими бўйича Девони бузругдан ташқари, ҳар бир вилоятда Девон деб аталувчи бошқарма тузиб, бу бошқармалар солиқ йиғиш, тартиб сақлаш, ижтимоий бинолар — бозорлар, ҳаммомлар, йўллар, суғориш тармоқларига қараб туриш ва аҳолининг хулқий-ахлоқий ҳаракатларини назорат остига олиш каби ишлар билан шуғулланган. Ҳар бир Девонда кирим ва чиқимларни ҳисобга олиш, қайд этиш турк-ўзбек ва форс-тожик тилларида олиб борилган.
Темур тарихчилар тасвирича, Ўрта асрнинг атоқли давлат ва ҳар¬бий арбобларидан бўлиб, Оврўпо олимлари ўз асарларида унинг салбий томонлари билан бирга муҳим фазилатларини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Немис олими Ф. Шлоссер ўзининг «Жаҳон тарихи» (III-том) асарида: «Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади», деб ёзса, атоқли немис олими ва тарихшуноси М. Вебер: «Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди», деб таърифлайди. Шунингдек, «Тузуки Тимур» — «Темур тузуклари»да ҳам Темурнинг жамиятга, ижтимоий-сиёсий ҳаётга қараши, бирлашган қудратли феодал давлатнинг сиёсий ва ахлоқий қоидалари ҳақида гап боради.
Адабиётларда Темур ҳақида бир-бирига зид фикрлар мавжуд бўлиб келди, лекин уларнинг кўпларида Темур фаолиятига ўз даври нуқтаи назаридан эмас, балки муаллифлар яшаган давр нуқтаи назари асосида баҳо берилган.
«Темур тузуклари»ни инглизчадан француз тилига таржима қилиб, 1787 йилда нашр этган француз олими Лянглэ Темур ҳақида шундай ёзади: «Темур хон (Темур) сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига жуда доно тизим қолдирган. Биз буни тасаввур ҳам қилмаган эдик ва унинг урушларини босқинчилик ва талон-тарож қилиш деб баҳолаб келган эдик. Деярли енгиб бўлмайдиган икки тўсиқ — биздаги таассуб ҳамда тарихий ноҳақлик Темурни билишимизга ва тўғри баҳолашимизга халақит бериб келди».
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва бу кенгашга нафақат давлат арбоблари, саркардалар, темурзода-ларни, балки саййидлар, шайхлар, илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган ва ўзининг ҳар бир юриши олдидан бундай кенгашларни ўтказиб туришни одат тусига киритган.
Амир Темурнинг ободончилик ишлари тўғрисида таниқли шарқшунос олим, академик В. В. Бартольд: «Темур гўё Самарқанддан бошқа ҳамма ерда вайронгарчилик билан шуғулланган, деган фикр муболағали: у Қобул водийси ва Муған чўли каби Самарқанддан узоқ бўлган жойларда улкан суғориш ишлари олиб борди», деган тари¬хий жиҳатдан ғоят қимматли фикрни айтиб ўтган. Бу фикрга муқояса қилиб, Али Яздийнинг ёзишмасини келтириш мақсадга мувофиқдир. «Бир йил мобайнида,— деб ёзади Ўрта аср тарихчиси Али Яздий,— Бағдод шаҳрини тиклаш ҳақида буйруқ берилди, токи ша¬ҳар яна ўз қиёфасини олсин, унда ҳунармандчилик ривожлансин, теварак-атрофида деҳқончилик ўссин, савдо-сотиқ ва маданий ҳаёт кенг тармоқ ёйсин, ислом бил ими илгаригидай ёйилсин. Бу вазифа амирзода Абу Бакирга топширилди».

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.