27.05.2017йил Онкология ва нур ташхиси кафедрасининг 2 курс магистратура талабаларининг Ўзбек миллий академик драма театрига ташриф буюришди.
Ўзбекистон ҳудудида биринчи профессионал театр жамоаси 1913 йилнинг ўрталарида Тошкент шаҳрида шаклланиб, 1914 йилнинг бошларида илк миллий пьеса – томошани саҳнага қўйган ва шу тариқа расман фаолият бошлаган ва дастлаб «труппа” деб аталган. «Труппа” асли театр ва цирк йўналишидаги ижодий жамоа маъносини англатадиган сўз бўлиб, Россияда театр гуруҳлари «театральные труппы” деб аталар эди. Туркистон ХХ аср бошларида Чор Россиясининг мустамлакаси бўлгани учун театр соҳасида ҳам империянинг ҳукмрон ақидаларига бўйсунишга тўғри келар, айниқса, театрдек йирик маданий муассасани расмий рўйхатдан ўтказиш, унинг фаолияти учун рухсат олишда шундай йўл тутиш талаб қилинар эди. Ана шу тарихий воқеаларнинг бевосита иштирок-чиси, ташкилотчиси бўлган атоқли педагог, адиб ва драматург Абдулла Авлоний «Таржимаи ҳол”ида бу ҳақда қуйидаги маълумотларни ёзиб қолдирган: «1913 йилдан бошлаб халқнинг кўзин очмоқ, маданиятга яқинлаштирмоқ учун театруга киришиб, театру ишларини йўлга қўювчиларнинг бошлуғу бўлуб, Туркистоннинг бир неча шаҳар-ларига бориб ўзбеклар орасида театруга йўл очдим… «Турон” исмли театральний блағотворительный жамиятни юзага чиқардим”. Таъкидлаш керакки, ўша даврга оид бошқа ҳужжат ва далиллар ҳам 1913 йилда ҳаваскорлар гуруҳи шаклида иш бошлаган бу ижодий жамоа 1914 йилдан эътиборан «Турон” труппаси номини олиб, профессионал асосда фаолият кўрсата бошлаганидан гувоҳлик беради.
Мазкур труппа 1913 йилнинг июнь-июль ойларида норасмий равишда спектакллар кўрсатишни бошлайди. Ижодий гуруҳнинг ташкилий ва тарғибот ишларида Тошкент маърифатпарварларининг етакчисиМунаввар қориАбдурашидхонов фаол иштирок этади. Труппанинг илк спектакли 1913 йили 8 августда Шайх Хованд Тоҳур боғида «Томоша кечаси” сифатида ўтказилади. Қайд этиш керакки, ўша пайтда Туркистон ўлкасининг бошқа биронта шаҳрида миллий театр жамоаси йўқ эди. Самарқанд шаҳрида ҳафтасига бир марта нашр этиладиган «Ойина” журналининг 1913 йил 14 ноябрь сонида «Падаркуш” театр рисоласи чоп этилгани ҳақида маълумот берилиб, бу асарни саҳнага қўйиш учун муаллифдан рухсат олинганига қарамасдан, у ҳануз ўйналмай тургани айтилади.
Тошкентда 1913 йилнинг декабрь ойидан бошлаб «Падаркуш”ни саҳналаштириш учун ҳозирлик ишлари бошланади. Бу жараёнда янги усул мактаблари муаллимлари фаол иштирок этишади. Чунончи, Абдулла Авлоний, Муҳаммаджон қори, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби маърифатпарварлар бу борада жонбозлик кўрсатадилар. Тошкентлик ҳаваскорлар тайёрлаган спектаклга Муҳаммадёров деган татар зиёлиси режиссёрлик қила бошлайди. Лекин тайёргарлик ишлари суст бўлиб, драмани саҳнага қўйиш чўзилиб кетади. Ана шу пайтда, 1914 йилнинг бошларида Самарқанддан Алиасқар Асқаров Тошкентга келиб, ҳаваскорлар билан танишади ва режиссёрлик вазифаси унга топширилади. Шу тариқа тайёргарлик ишлари тез орада ниҳояланиб, 1914 йилнинг февраль ойида «Падаркуш” пьесасини – озарбайжонча «Хўр-хўр” комедияси билан биргаликда – саҳнага қўйиш мўлжалланади.
Ниҳоят, 27 февралда Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида жойлашган «Колизей” театрининг бир минг юз кишилик томошахонасида кечки соат еттида Тошкент театр ҳаваскорлари расман спектакллар намойишини бошлайдилар. Шу муносабат билан чиқарилган маромнома – афишадан маълум бўлишича, театр кечаси уч қисмдан ташкил топган эди. Биринчи қисм – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш” пьесаси асосидаги спектакль намойиши. Иккинчи қисм – озарбайжон актёрларидан Алиасқар Асқаров, Гулузорхоним ва М.Шахбалов ижросидаги бир пардалик «Хўр-хўр” кулгу томошаси. Учинчи қисм «Миллий ўқиш ва жўрлар” деб номланган бўлиб, унда саккизта номердан иборат концерт кўрсатилиши назарда тутилган эди. Концертда Мулла Тўйчи ҳофиз, машҳур раққоса Қурбонхон, Мулла Аҳмаджон тўра каби санъаткорларнинг қатнашиши, Абдулла Авлоний қаламига мансуб «Туркистон фарёди” ва «Тўй” номли манзумалар жўрликда ижро этилиши маълум қилинган эди. Маромнома сўнгида кеча учун масъул мудир Абдулла Хўжа ўғли, режиссёр АлиасқарАсқаров экани қайд қилинган.